…Агар кўпчилик шарқ инсонлари, ҳозирга қадар намоён этган беқиёс сабр-тоқатларини четга суриб, Ғарбга нисбатан нафрат ҳиссини туя бошласалар, бунга ким айбдор бўлади? Бунда айбни, ташқи фаолиятнинг барча шаклларидан юқорида туриши шарт бўлган, соф интеллектуал мушоҳадага содиқ қолган шарқий традициявий элитага юклаш керакми? Ёки, аксинча, ўз ҳузурини жирканч ва тоқат қилиб бўлмас даражага етказиш учун барча имкониятларни ишга солган Ғарб вакилларининг ўзларини айблаш керакми?
Масала тўғри нисбатларда қўйилган заҳоти жавоб ҳар ким учун ўз-ўзидан равшан бўлади. Агар ҳозирга қадар беқиёс сабр кўрсатиб келган шарқ инсонлари ниҳоят ўз уйларида яна хўжайин бўлишни истасалар, бунда ким уларни айблай олади? Эҳтирослар аралашган жойда бир хил ҳолатлар жуда турлича, ҳатто мутлақо қарама-қарши тарзда баҳоланиши мумкин. Масалан, Ғарб халқлари хорижий босқинга қарши чиқса, бу «ватанпарварлик» деб аталади ва ҳар томонлама қўллаб-қувватланади. Аммо худди шу ишни Шарқ халқлари қилса, бу дарҳол «фанатизм» ёки «ксенофобия» деб баҳоланади ва нафрат ҳамда таҳқирга сабаб бўлади. Ахир европаликлар «ҳуқуқ», «эркинлик», «адолат» ва «цивилизация» номидан бошқаларга ўз ҳукмронлигини мажбуран татбиқ этишга, уларга ўзларича яшаш ва фикрлашни тақиқлашга интилмаяптиларми?
Морализаторликнинг мантиқдан мутлақо мосуво бўлганини инкор этиб бўлмайди. Ёки, ҳеч бўлмаса – ва биз бу нуқтаи назарни эркин холда қўллаб қувватлаймиз – бутун Ғарбда қиймати жиддий шубҳа уйғотадиган фақат икки тоифа одам бор, деб қабул қилиш керак. Биринчи тоифага баландпарвоз шиорларни чин дилдан қабул қиладиган, ўз «цивилизациявий миссияси»га ишонадиган, аммо ўзлари қай даражада материалистик варварликка қулаганини мутлақо пайқамайдиган барқарор аҳмоқлар киради. Иккинчи тоифага эса кўпчиликнинг умумий ақлий таназзулидан фойдаланиб, ўз ифлос зўравонлик ва худбинлик инстинктларини қондирувчи маккор разиллар мансубдир.
Ҳар қандай ҳолда ҳам, шарқ инсонлари ҳеч ким учун таҳдид эмас ва Ғарбни қайси соҳада бўлмасин забт этиш режаларига эга эмаслар. Айни пайтда уларга Ғарб босимига қарши туриш билан боғлиқ ўз муаммолари етарли; бу босим эса бугун уларнинг руҳий қолибларини вайрон этиш ва тафаккурини бузиш хавфини туғдирмоқда. Шу шароитда тажовузкорлар ўзини жабрланувчи қилиб кўрсатиши, камида, ғалатидир.
РЕНЕ ГЕНОН, “Замонавий дунё инқирози”

3