Қирғизча дуумвират интиҳоси

Дуумвират тушунчаси илк бор қадимги Рим республикаси сиёсий амалиётида шаклланган бўлиб, икки шахс ўртасида ҳокимият тақсимотига асосланган институт сифатида намоён бўлган. Айниқса, Юлий Цезарь, Помпей ва Марк Красс иштирок этган Биринчи триумвират ҳамда кейинчалик Октавиан Август ва Марк Антоний ўртасидаги Иккинчи триумвират тарихий тажриба сифатида дуал ҳокимиятнинг институционал муаммоларини очиб берган. Рим тажрибаси шуни кўрсатадики, формал тенгликка асосланган икки марказли ҳокимият амалда доимо асимметрик куч динамикасига олиб келади. Яъни, дуумвират – мувозанат тизими эмас, балки муваққат компромисс шаклидир.

Қирғизистон сиёсий амалиётида Садир Жапаров ва Камчыбек Ташиев ўртасида шаклланган муносабатлар замонавий дуумвират белгиларини кўрсатган эди. Бу ҳолат формал-конституцион модел эмас, балки функционал-самарадорлик нуқтаи назаридан ҳокимиятнинг ички тақсимотини ифода этади. Бунда институционал президентлик вертикали ва куч тузилмаларига таянган харизматик авторитет ўртасидаги муносабат марказий аҳамият касб этади.

Биринчи ўзига хос жиҳат – авторитет асимметрияси. К.Ташиевнинг шахсий нуфузи ва куч тузилмаларидаги реал таъсири айрим вазиятларда президентлик институтидан устунроқ қабул қилина бошлади. Бу ерда “институт” ва “авторитет” ўртасидаги фарқни ажратиш муҳим: институт ҳуқуқий легитимликка таянади, авторитет эса амалий куч ва шахсий ишонч капиталидан озиқланади. Агар ижтимоий онгда легитимлик эмас, балки самарадорлик ва қатъият қадрланса, авторитет институционал рамкаларни сояга солиши мумкин.

Иккинчи жиҳат – медиявийлик омили. Замонавий сиёсатда медиа ҳокимиятнинг ажралмас қисмидир. К.Ташиевнинг оммавий ахборот майдонидаги фаоллиги унинг образини “ҳаракатдаги куч” сифатида мустаҳкамламоқда. Президент эса кўпроқ бюрократик тартиб, норматив ҳужжатлар ва институционал қарорлар билан боғланади. Натижада омма назарида динамик куч ва маъмурий тизим ўртасида символик фарқ вақт ўтиши билан реал кучга айланишни бошлади.

Учинчи жиҳат – “куч” ва “бюрократия” тақсимоти. Сиёсий назарияда куч аппарати (армия, хавфсизлик хизматлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари) реал ҳокимият ресурсларининг асосий манбаи ҳисобланади. Агар бу ресурслар бир шахс атрофида жамланса, бошқа шахс эса маъмурий-бюрократик тизимни бошқарса, асимметрия чуқурлашади. Бюрократия табиатан инерцион, процедураларга боғлиқ ва суст ҳаракатланувчи тизимдир; куч аппарати эса тезкор ва таъсирчан механизмдир. Шу нуқтаи назардан, “куч” ва “бюрократия” ўртасидаги мувозанат бузилганда, бюрократик марказ нисбатан заиф позицияга тушиши эҳтимоли юқори.

Тўртинчи жиҳат – “кўча” феномени. Қирғизистон сиёсий маданиятида кўча оммавий сафарбарлик ва легитимликни қайта тақсимлаш механизми сифатида бир неча бор ҳал қилувчи роль ўйнаган. С.Жапаровнинг сиёсий майдонга келишида ҳам кўчанинг таъсири бор, аммо кейинчалик кўчани «институционаллаштириш» вазифаси пайдо бўлди. Бу жараёнда К.Ташиев кўчани ўзининг авторитети билан «синдирди» ва табийки кўча легитимлиги унга ўтиб “янги кўча” функциясини бажара бошлади, яъни давлат ичида кучга таянган мобилизация манбаи сифатида намоён бўлди. Натижада классик кўча–давлат қарама-қаршилиги ўрнига давлат ичидаги икки манба ўртасида символик рақобатни пайдо қилди.

Дуумвират табиатан барқарор модель эмас. Узоққа кетмайлик, Қозоғистондаги Назарбаев–Тўқаев тажрибаси ҳам, замонавий сиёсий амалиёт ҳам шуни кўрсатадики, куч ва бюрократия ўртасидаги узоқ муддатли қарама-қаршиликда институционал марказ, агар у реал куч ресурсларига эга бўлмаса, стратегик жиҳатдан ютқазиш хавфига дуч келади. Шу боис, С. Жапаров томонидан вазиятни эрта босқичда институционал жиҳатдан қайта мувозанатлаштириш ҳаракатлари – эҳтимолий критик нуқтани олдини олишга қаратилган сиёсий рационаллик сифатида талқин қилиниши мумкин. Қирғизистон мисолида дуумвират – бу икки шахс ўртасидаги оддий шериклик эмас, балки легитимлик, куч, бюрократия ва медиа ўртасидаги мураккаб динамик мувозанатдир.

Ҳамид Содиқ

 

Изоҳ қолдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *