(Контент тайёрлашда “Қаҳрамон” тушунчасининг аниқланиши ҳақида)
Қаҳрамон қидирилмайди; қидириб топилган қаҳрамон эса, кўп ҳолларда, қаҳрамонлик моҳиятидан маҳрум бўлади. Қаҳрамон — бу оддий инсон эмас, балки ўз даврининг чегараларини бузиб чиқувчи феномендир. Қаҳрамонни “қидириш” ғояси модерн жамиятга хос рационал-инструментал онг маҳсулотидир. Бу ёндашувда қаҳрамон муайян функцияни бажарувчи субъект, ижтимоий эҳтиёжга жавоб берувчи ресурс сифатида тасаввур қилинади.
Бироқ ҳақиқий қаҳрамонлик режалаштирилмайди. У кутилмаган ҳолатларда, кескин вазиятларда намоён бўлади. Шу маънода, қаҳрамонлик — функция эмас, балки принципдир. Қидириб топилган қаҳрамон эса одатда символик конструкцияга айланади. У шахс сифатида эмас, балки жамиятнинг ўзини тасдиқлаш механизми сифатида ишлайди. Бу жараён ижтимоий хотира ва афсона яратиш орқали амалга ошади. Натижада бундай “қаҳрамон”лар ташвиқот функциясини бажаради, аммо уларда қаҳрамонликнинг ички чуқурлиги йўқолади.
Қаҳрамон ўз даврининг инсонларидан фарқ қилади. Бу ерда гап тарихий контекстдан узилиш ҳақида эмас, балки ундан чиқиб кетиш қобилияти ҳақида бормоқда. Қаҳрамон ўз замонида яшайди, аммо унинг қадриятлари ва ҳаракатлари кўпинча шу замон меъёрларига сиғмайди. Шу маънода, у асинхрон субъектдир: у замон билан бир вақтда яшайди, бироқ ундан илгарилаб кетади. Буни Суқрот мисолида кўриш мумкин: у Афина жамияти учун муаммоли шахс эди, чунки у мавжуд тартибни саволга қўйди. Қаҳрамонлик айнан шу ерда — савол бериш ва нормани бузиш қобилиятида намоён бўлади. Ижтимоий-фалсафий жиҳатдан қаҳрамон — бу нормадан чиқиш ҳолати. У “ўртача инсон” моделини бузади. Бундай шахслар қадриятлар яратувчиларидир: улар мавжуд ахлоқий тизимни такрорламайди, балки уни қайта қуришга ҳаракат қилади. Шу боис, қаҳрамонни трансформация агенти сифатида тушуниш мақсадга мувофиқ. Бироқ қаҳрамонликни мутлақлаштириш ҳам хато. Қаҳрамон муайян ижтимоий муҳитда шаклланади. Унинг ҳаракатлари вакуумда эмас, балки конкрет тарихий шароитларда юз беради. Шунинг учун у бир вақтнинг ўзида ҳам давр маҳсули, ҳам уни инкор этувчи феномендир. Бу иккилик қаҳрамонликнинг марказий парадоксидир.
Қаҳрамонликни ижтимоий қатламлар ёки иқтисодий манфаатлар орқали тушунтириш етарли эмас. Масалан, “деклассантлар ичидан ҳақиқий қаҳрамон чиқмайди” деган тезис шу нуқтага ишора қилади. Деклассант — бу ижтимоий илдизлардан узилган, барқарор қадрият тизимига эга бўлмаган субъектдир. Бундай ҳолда шахс принципга эмас, конъюнктурага мойил бўлади. Қаҳрамонлик эса, аксинча, принципга боғлиқлик ҳолатидир. Қаҳрамон прогрессни эмас, маънони кўзлайди. Замонавий онг “қанчалик олға бордик?” деган саволни қўяди. Қаҳрамон эса “қайси йўналишда ҳаракат қиляпмиз?” деган саволни қўяди. Шу маънода қаҳрамонлик — қадриятга оид феномендир. У натижани кафолатламайди, балки принципни сақлаб қолишга интилади. Шу сабабли қаҳрамон атрофида бизнес қурилмайди. Бозор мантиғи ҳисоб-китоб ва фойдага асосланади. Қаҳрамон эса ҳисобланмаган рискка тайёр. Унинг ҳаракати фойда–зарар эмас, тўғри–нотўғри мантиғига асосланади. Шу боис, қаҳрамонлик ва иқтисодий рационаллик кўпинча зиддиятга киришади. Қаҳрамонни ҳокимиятга нисбатан ҳам нотўғри тушунмаслик лозим. У лояллик яратмайди. Қаҳрамон — ҳокимиятнинг камчиликларини очиб берувчи экзистенциал қутбдир. У ҳокимиятни қўллаб-қувватламайди, балки унинг чегараларини намоён қилади. Шу маънода у норматив мезон вазифасини бажаради. Ҳокимият ўз табиатига кўра барқарорлик ва итоатга интилади. Қаҳрамон эса бу тартибни саволга қўяди. У мавжуд тизимни такрорламайди, балки уни қайта шакллантиради. Шунинг учун қаҳрамон ҳокимият учун ресурс эмас, мувозанатловчидир. Қаҳрамонликнинг муҳим жиҳати — унинг “негатив функцияси”. У жамиятдаги камчиликларни фош қилади. Бу фош этиш ижобий эмас, балки танқидий характерга эга. Шу орқали қаҳрамон жамиятга ўзини кўриш имконини беради.
Ниҳоят, қаҳрамонлик ва ўлим масаласи. Қаҳрамон принципни фақат эътироф этмайди — у уни ҳаёт-мамот даражасида ҳимоя қилади. Бироқ ўлим қаҳрамонликнинг мақсади эмас. У фақат чегаравий синов нуқтасидир. Қаҳрамон ўлиш учун эмас, балки принципдан воз кечмаслик учун ҳаракат қилади. Шу боис, қаҳрамонликни фақат қурбонлик билан боғлаш унинг моҳиятини қисқартиради. Кўп ҳолларда қаҳрамонлик узоқ давом этувчи риск шаклида намоён бўлади: босимга қарши туриш, эркин фикрни ҳимоя қилиш, адолат учун курашиш.
Қаҳрамон бу принципга содиқлик; қаҳрамонлик бу рискни қабул қилиш; ва унинг энг юқори шакли ўлим эҳтимоли шароитида ҳам принципдан воз кечмасликдир.
Ҳамид Содиқ
